Президент Тошкент шаҳрида ташкил этилиши кутилаётган 4 минг гектар майдонли янги туман лойиҳаси билан танишди

Тошкент шаҳрида умумий майдони 4085 гектар бўлган Янги ҳаёт тумани ташкил этилиши кутилмоқда. Унинг лойиҳаси билан Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимотида танишди. Бу ҳақда Президет матбуот ҳизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари 2020 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш масаласига тўхталиб ўтган эди. Шунга мувофиқ, ишчи гуруҳ томонидан Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328 гектар, Қуйи Чирчиқдан салкам 129 гектар, Янгийўлдан 263 гектар, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратиб, Янги ҳаёт туманини жами 4085 гектарда ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Янги ҳаёт тумани ташкил этилиши муносабати билан Тошкент шаҳри туманлари чегарасининг ўзгариши тўғрисида ҳам тақдимот қилинди. Шунингдек, Янги ҳаёт туманида лойиҳалаштирилаётган бунёдкорлик ишлари, туманнинг маъмурий марказини ташкил этишга оид таклифлар кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган ҳудудларини ўзгартириш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Сергели туманига уч йил ичида 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келгани маълум бўлган эди.

Янгиликлар