Риштонда юк машиналарига ноқонуний равишда тупроқ юклаётган фуқаро 2 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди

Фарғона вилояти Риштон туманида экскаватор билан ноқонуний равишда «Камаз» юк машиналарига тупроқ уюмлари юклаётган фуқаро тегишли тартибда 2 223 000 сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати

Риштон тумани «Чек-Жалоер» МФЙда яшовчи фуқаро А.Н 2020 йилнинг 4 август куни «Полвонобод» МФЙ худудидан оқиб ўтувчи коллектор химоя минтақасидан ўзига тегишли бўлган «Samsung Volvo» русумли экскаваторида ноқонуний равишда «Камаз» юк машиналарига тупроқ уюмлари юклаётганлиги аниқланган. Давлат инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарга «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ушбу холат юзасидан хуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми (Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш)га асосан базавий хисоблаш миқдорининг 10 баробари — 2 223 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, хозирда ушбу жарима тўловини ундириш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқоридаги ҳолат Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Экология ва атроф-мухитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ҳамда Риштон туман инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда Риштон туман худудида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни ижроси юзасидан ўтказилган қўшма рейд давомида аниқланган.

Аввалроқ Вобкентда ўзбошимчалик билан битум эритаётган фуқаро жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.