Тошкент вилоятида 14 ёшли ўсмир тоғасининг ўғлини отиб қўйди

Тошкент вилояти Паркент туманида 2 август куни 14 ёшли Э.Э. тоғасининг 15 ёшли ўғлини отиб ўлдириб қўйди.

Маълум қилинишича, 2008 йилда туғилган Э.Э. Паркент тумани Ёшлик маҳалласида яшовчи тоғасининг уйига меҳмонга келган. У ерда 2007 йилда туғилган М.Т. (тоғасининг ўғли) билан қушларни овлаш мақсадида 4,5 калибрли пневматик қуролни уйдан олиб чиққан.

Шундан сўнг 14 яшар Э.Э. эҳтиётсизлиги оқибатида пневматик қуролдан ўқ отиб 15 ёшли М.Т.ни чап кўкрак соҳасига тан жароҳати етказган. Оқибатда фуқаро М.Т. олган тан жароҳати билан ҳодиса жойида вафот этган.

Паркент туманидаги Ёшлик маҳалла фуқаролар йиғинида 4 август куни мазкур жиноят юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ИИББ Пробация бўлими бошлиғи подполковник С.Миртўлаев сўзга чиққан ва бу ҳолат ҳар бир масъул ва ушбу маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро учун «сигнал» бўлиши зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, туман прокурори Ш.Акбаров ҳам ушбу жиноят ҳақида тўхталиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди ва бунинг келажакдаги оқибатлари ҳақида аҳолига ҳуқуқий тушунча берган.

Янгиликлар