«Бирорта ёлланма ишчи шартнома тузмасдан туриб, пахта даласига чиқмайди» — Баҳодир Умрзоқов

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов 5 сентябрь, шанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бирорта ёлланма ишчи шартнома тузмасдан туриб, пахта даласига чиқмаслигини маълум қилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосариниг сўзларига кўра, 2020 йилги пахта мавсумида меҳнат қонунчилигига, Халқаро меҳнат ташкилотлари томонидан билдирилган тавсияларга қатъий амал қилинади, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмайди.

«Ўтган йиллари мажбурий ва болалар меҳнати билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Бироқ бу йил бунга жиддий қараймиз. Пахта теримига ишчилар шартнома асосида, кўнгилли равишда жалб қилинади. Бирорта ёлланма ишчи шартнома тузмасдан туриб, пахта даласига чиқарилмайди», — дейди Умрзоқов.

Шунингдек, вазир ўринбосарининг айтишича, пахта мавсумида яхши терадиган теримчилар кунига 100—120 минг атрофида даромад олиши мумкин.

«Пахта терувчилар 2 хил бўлади. Биринчиси ўз манзилида пахта терадиганлар, иккинчиси эса бошқа ҳудудлардан келиб теримга ёрдамлашадиганлар. Барча теримчилар учун меҳнат шароитлари ташкиллаштирилади. Теримга, авваламбор, ишсизлар: ёшлар, хотин-қизлар, хоҳиш билдирса, кексаларни ҳам жалб қиламиз», — дейди Баҳодир Умрзоқов ўз нутқи давомида.

Аввалроқ Ғиждувонда пахта теришга 26 мингдан ортиқ теримчи жалб қилиниши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қоровулбозорда 2020 йилда 13 минг тоннадан зиёд ва Олотда 27,5 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар