Қўқонда тест синовларига тақиқланган техник қурилма олиб кирмоқчи бўлган абитуриент қўлга тушди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳар марказий стадионида 4 сентябр, жума куни 2-сменада ўтказилаётган имтиҳон жараёнида Миллий гвардия томонидан абитуриентлардан бирида фойдаланиш тақиқланган қурилма топиб олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Миллий гвардия ахборот хизмати

Хабарга кўра, Қўқон шаҳридаги марказий стадион ҳудудида ташкил этилаётган олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳонларга келаётган абитуриентларни Миллий гвардия ҳамда ИИБ ходимлари синчковлик билан текширмоқда.

Маълум қилинишича, 4 сентябр куни 2-сменада ўтказилиши режалаштирилган тест синовлари жараёнига келган абитуриентларнинг биридан вилоят Миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан имтиҳон жараёнига олиб кириб, фойдаланиш тақиқланган техник қурилма топиб олинган.

Қайд этилишича, ушбу абитуриент шу заҳотиёқ тест топшириш жараёнидан четлатилиб, унга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйича 37 нафар абитуриент биринчи сменада тестдан четлаштирилгани ҳамда кириш имтиҳонларининг биринчи кунида 6 мингдан ортиқ абитуриент тест синовига келмагани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар