Шавкат Мирзиёев босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш муҳимлигини айтди

Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантириш учун почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкинлиги айтилди.

«Почта соҳасидаги энг асосий вазифа одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдир», – деди Президент.

Шунингдек, йиғилишда Мутасаддиларга босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. Янги почта хизматларини йўлга қўйиш учун ходимларни қайта тайёрлаш, почта биносини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар билан бирга ишлатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Соҳа даромадини таъминлаш учун яна бир манба – унча мураккаб бўлмаган давлат хизматларини почта бўлимларида ҳам йўлга қўйиш. Шу нуқтаи назардан, «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг олис ҳудудлардаги 300 та бўлинмасида 13 хил давлат хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, дастлаб Сергели, Янгиқўрғон ва Тошкент туманларидаги почта бўлинмаларида нақд пул инкассацияси, пластик карта амалиёти каби банк хизматларини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Нукусда йилига 200 тонна балиқ етиштириш қувватига эга корхона билан танишган эди.

Янгиликлар