Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасига янги раҳбар тайинланди

Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан Элёр Олтиев 5 ноябрь куни Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, айни пайтга қадар туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Жумаев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан вазифасидан озод этилган.

Таъкидланишича, Элёр Олтиев Дониёрович 1985 йилда Қоракўл туманида туғилган. 2011 йил Тошкент Педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Тумандаги «Мироб» қишлоқ врачлик пункти мудири, сўнгра тиббиёт бирлашмаси қишлоқ врачлик пунктлари бўйича координатори, Бухоро шаҳар 2-сон оилавий поликлиникаси умумий амалиёт врачи, Бухоро Давлат тиббиёт институти анестезиология ва реаниматология йўналиши клиник ординатори лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, у вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасида амбулатория – поликлиника хизмати бўйича бош мутахассиси, профилактика ва тиббий статистикани ташкиллаштириш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаб келаётган эди.

Элёр Олтиев тайинловга қадар Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Аввалроқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ҳамда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар қилинганди.