«‘Карвон’нинг куйланишига эътироз бўлмаган». Шоҳжаҳон Жўраев Санжай устидан ким шикоят қилганини айтди
Шоҳжаҳон Жўраев 4 декабрь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида журналист Феруза Фаттоҳова томонидан эълон қилинган постни жойлади.
Унда таъкидланишича, Жўраевлар оиласи Санжай томонидан қўшиқларнинг кавер қилинишига эмас, «Карвон» қўшиғига ишланган клипда Шерали Жўраевнинг сурати деворга чизиб кўрсатилганига эътироз билдирган.
Қайд этилишича, Санжай «Карвон» қўшиғини бошқа услубда куйлагани учун Шерали Жўраев эмас, балки шеър муаллифи Усмон Азим Интеллектуал мулк агентлигига ариза берган:
«Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг ‘Карвон’ қўшиғини хонанда Санжай (Жавбердиев Санжар) томонидан бошқа услубда куйланганига Шерали Жўраев эмас, шеър муаллифи Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган».
Ушбу постда Жўраевлар оиласи «Карвон» қўшиғини Санжай бошқа услубда куйлаганига ҳеч қандай қаршилиги йўқлиги, қолаверса, қўшиқлар кавер эмас балки мэшап қилингани айтилган.
«Жўраевлар оиласининг бу қўшиқни хонанда Санжай томонидан бошқа услубда куйланишига ҳеч қандай эътирози ва қаршилиги йўқ! Чунки бу ерда муаллифнинг мусиқасига тегилмаган ва ўша қўшиқнинг ўзини хонанда Санжай айтаётгандек ‘кавер’ қилинмаган. Ҳозирги кунда кўпчилик хонандалар кавер асли нима эканлигини мукаммал даражада тушунишмайди. Кавер деб, мавжуд қўшиқни ўз йўналишига тегилмаган, ўз йўналишидан чиқиб кетмаган ҳолатда бошқа жанрда куйланишига айтилади.
‘Карвон’ қўшиғи эса хонанда Санжай томонидан куйланганида ўша шеърга умуман бошқа мусиқа қилинган! Бу эса кавер эмас, мэшап дейилади. Шунинг учун ҳам ‘Карвон’ қўшиғини хонанда Санжай томонидан куйланишига Жўраевлар оиласи томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган!»
Шунингдек, Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар Санжайга «Гулбадан», «Атиргулим» қўшиқларнинг мусиқаси ҳам, шеъри ҳам отасига тегишлилигини айтган. Лекин хонанда Санжай буни инкор этгани, «ўзбошимчалик билан ‘бузибʼ» ижро этгани қайд этилган:
«Санъаткорнинг фарзанди Шоҳжаҳон Жўраев, хонанда Санжай билан юзма-юз кўришган ҳолда, Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг ‘Гулбадан’, ‘Атиргулим’ қўшиқларининг шеъри ва мусиқаси ҳам Шерали Жўраевга тегишли эканлиги, 2000 йил нашрдан чиққан ‘Санъатим’ номли китобини унга кўрсатиб огоҳлантирилганида хонанда Санжай ‘буни бир аёл шоира ёзган, у аёл вафот этган. Буни менга хабарини беришди. Шерали Жўраев эса, уларни ўзлаштириб олган’, деб туҳмат қилиб, қўшиқлар муаллифининг розилигисиз, ундан ҳеч қандай рухсат олмай, (ёки шартнома тузмай) қўшиқлар аслини ўзбошимчалик билан ‘бузиб’ ўзгартирган ҳолда, ижро қилиб келган», дейилади изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, xонанда Санжай бир қанча қўшиқ ва шеърларни муаллифларнинг розилигисиз ижро этгани сабабли унинг «иши» судга оширилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев YouTube’даги «Salom Live» кўрсатувига берган интервьюсида Санжайга нисбатан муносабати ҳақида гапирганди.
Aктриса Халима Ибрагимова ҳам ўзининг Instagram саҳифасида Зоҳиршоҳ Жўраевнинг Санжайга нисбатан айтган гапларини, танқидини маъқуллаган ва у тўғри иш қилганини таъкидлаган. Шунингдек, хонанда Санжай Зожиршоҳ Жўраев билан ёзишмасини жавоб тариқасида Instagram саҳифасида эълон қилганди.