«Фаросат ишлаши керак». Зоҳиршоҳ Жўраев Санжайга жавоб қайтарди
Хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев YouTube’даги «Salom Live» кўрсатувига берган интервьюсида Санжайга нисбатан муносабати ҳақида гапирди.
У ўз интервьюсида отасининг қўшиқлари каби қўшиқларни ҳеч ким айтолмаслиги, ҳатто ўзи ҳам айтолмаслигини таъкидлаган.
«Қўшиқ қилиш аслида машаққат. Шедевр қўшиқ қилиш эса жудаям катта машаққат. Унинг формуласи йўқ, агар кимдир формуласини билганда эди дунёнинг энг зўр қўшиқчиси бўларди. Отамнинг қўшиқларида ўзбек миллатининг оҳанги бор, тарихи бор. Мен қани эди отамнинг қўшиқларининг 1 қаторидек қўшиқ қилолсам. Юзга яқин қўшиғимни берардим. Бир дона мисрасидек бўлса ҳам қўшиқ қилолсам эди. Йўқ унақа қўшиқ. Фарзанди бўла туриб мен тугул, бошқа санъаткорларни, ҳаммамизни битта қилиб йиғсада устозлар қилган қўшиқлар каби қўшиқ қилолмаяпмиз. Йўқ, тан олиш керак. Сабаби замон, талаб, адабиёт шунақа. Дўстлар, шогирдлар, яқинлар ўтириб қолсак доим айтаман, замонага яраша бўларкан. Шунақа қўшиқлар қилиняптики, яна ‘Мен cover қилябман, cover’га ҳеч ким рухсат олмайди’ дейиляпти», — дейди у.
Шунингдек у cover’га бўлган муносабатини ҳам айтиб ўтган:
«Ҳеч ким рухсат олмасдан cover айтолмайди. Масалан, мендан турк қиз ‘Сени соғиниб’ таронамни cover қилишга рухсат сўради. Сабаби Туркияда бундай қонун ишлайди. Мендан ёзма рухсатнома жўнатишимни сўради. Бизда ‘Cover up» кўрсатуви чиққандан кейин одамларнинг cover’га фикри нотўғри уйғониб қолди».
https://youtu.be/sevxbRpUEfk
У отасининг қўшиқларини ҳеч қандай рухсатсиз, шартнома тузмасдан айтиб келаётган Санжайни ҳам қаттиқ танқид қилди:
«Aндишани отини қўрқоқ қўйиш керакмас. Шунчаки фаросат керак. Мендан 2 маротаба сўради, ҳафа қилиб қўймай деб индамадим. Ўзининг фаросати ишлаши керак-ку. Бу ерда тарбия, фаросатга бориб тақалади ҳаммаси. Кимлардир оиламизга нисбатан нимадир деса индамаётганим, андиша қилаётганим бу қўрқоқликка кирмайди. Лекин бунинг ҳам чегараси бор, улар чегарадан ўтяпти. Ҳаққи йўқ! Майли, мени гапирсин. Лекин отамни гапиришга ҳаққи йўқ. Мен жавоб қилсам, бошқача жавоб қиламан.
Одам тилига эҳтиёт бўлиши керак. Бир нарса гапирaётганда одамнинг отаси, онаси борлигини билсин. Мен улардан арз қилмаганман, арз қилганимда олдириб ташлардим клипни. Сабаби менда шоирнинг муаллифлик ҳуқуқи бор эди. Шунда ҳам мен индамадим. Лекин кейин ‘Гулбадан’ ашуласи қилинди. Юқоридаги гап, андишани оти қўрқоққа бориб тақалмасин. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича янги қонун қабул қилинди. Қонун бор жойда мен индамайман».
Aввалроқ xонанда Санжай бир қанча қўшиқ ва шеърларни муаллифларнинг розилигисиз ижро этгани сабабли унинг «иши» судга оширилдигани хабар қилинганди. У «Гулбадан», «Атиргулим, атрингни соч», «Карвон» каби қўшиқларнинг муаллиф — Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ҳамда шеърлар муаллифи — Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан ҳеч қандай розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан, аслини ўзгартирган ҳолда ижро этиб келган.
Бу эса Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг Шерали Жўраев ва муаллиф Усмон Азимовнинг ишончли вакили сифатида хонанда Санжайга «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунни бузганлиги учун чора кўриш юзасидан ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлган.
Таъкидланишича, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра, асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.