Тошкентда пиротехника воситаларидан фойдаланган боланинг кўзи жароҳатланди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 3 декабрь куни кечқурун 10 ёшли Ф.Х. дўстлари билан кўчада пиротехника воситаларидан фойдаланган. Оқибатда боланинг кўзи жароҳатланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга пиротехника ўйнашга йўл қўйманг, бу уларнинг ҳаётлари ва саломатликлари учун хавфлидир», — деб огоҳлантиради бошқарма ахборот хизмати.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 250-моддасига кўра, портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Тошкент вилоятида пиротехника портлашидан жароҳат олган 18 ёшли йигитнинг қўли операция қилингани ҳақида хабар берилган. Унга чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати, тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши ташхиси қўйилган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситасини тайёрлаётган ўсмирлар чақнаш оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.