Қаршида байрам арафасида ҳарбий хизматчиларга янги бино топширилди — фото

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 14 январь Ватан ҳимоячилари байрами арафасида ҳарбий хизматчиларга янги бино топширилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинлар жанговар шайлигини ошириш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, мустаҳкам ижтимоий ҳимоя, ҳарбий хизматчиларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳарбий қисмларнинг инфратузилмасини янада яхшилаш, шахсий таркибни ҳар томонлама қулай, барча зарур шарт-шароитларга эга шинам хизмат хоналари билан таъминлаш мақсадида қўшинларда қурилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни арафасида қўмондонликнинг Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисми шахсий таркиби учун фойдаланишга топширилган янги штаб биноси ҳарбийлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлган. Биноларнинг очилиш маросимида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони полковник Журъат Якубов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондони полковник Зайнобиддин Иминов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан табриклаган. Ҳарбий қисм жамоасига енгил автомобиль калити топширилгач, жанговар хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилган.

Рамзий ленталар кесилиб, меҳмонлар биноларни кўздан кечирар экан, шинам, ёруғ хизмат хоналари, қўшинларни тезкор бошқариш учун мўлжалланган қўмондонлик штаб пункти фаолияти, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, даврий нашрлар, электрон ҳамда аудио китоблар билан бойитилган кутубхона, маънавий-маърифий тайёргарлик хонаси, шунингдек кўргазмали тарғибот-ташвиқот материаллари ҳамда буюк тарихий сиймоларимизнинг суратлари билан гўзал қиёфага кирган ҳарбий қисм ҳудуди алоҳида эътироф этилган.

Янгиликлар