Бухорода муҳофаза зонасидан қум қазиб олган шахс 2 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди
Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Бухоро тумани инспекцияси ходимлари томонидан 5 август, чоршанба куни экологик рейд тадбири ўтказилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ўтказилган рейд давомида Деҳожи қишлоғи «Работи Қалмоқ» маҳалласида яшовчи фуқаро A.Р. қонунга зид равишда «Жайхун зовури» заҳкаш муҳофаза зонасидан қум қазиб олаётган вақтида тўхтатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро A.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси (Ерости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш) 1-қисмига мувофиқ баённома расмийлаштирилиб, 2 223 000 сўм миқдорида жарима солинган.
«Табиийки, бундан норози бўлган фуқарога хатти-ҳаракати амалдаги қонунларимизга зид эканлиги, ҳудуддаги экин ерлари ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилашга хизмат қилаётган иншоот муҳофаза зонасига эга эканлиги обдан тушунтирилди», — дейилади бошқарма хабарида.
Aввалроқ Бухорода бир-бирини қутқариш учун канализация қувурига тушган тўрт ишчидан уч нафари газдан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинганди.