Чирчиқдаги тиббиёт ходимларига устама ҳақлари белгиланган тартибда берилгани маълум қилинди

Куни кеча интернет сайтларида Чирчиқ шаҳридаги шифокорларнинг меҳнат шартномаси ва беморлар учун дорилар йўқлиги ҳақида мақола эълон қилинган эди. Бунга Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, эълон қилинган мақолада Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси қошида ташкил этилган провизор шифохонасига мутахассислар мажбурий жалб қилингани, муассасага пневмониянинг енгил шаклини ўтказаётган беморлар билан бир қаторда коронавирусга чалинган беморлар ҳам қабул қилингани, аммо ходимларга коронавирусга чалинганларни даволовчи мутахассислар билан тенг ҳақ тўланмаётгани ҳақида айтилган.

Масалани ўрганиш давомида Чирчиқ Давлат Педагогика институти ётоқхонаси қошида ташкил этилган провизор шифохонасининг тиббиёт ходимлари бундай мурожаатдан бехабар эканини маълум қилган.

Хабар берилишича, Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 1-гуруҳ тиббиёт ходимлари шу йилнинг 3 август куни 14 кунлик иш фаолиятини тугатиб, хизмат вазифасини навбатдаги тиббиёт ходимларига топширишган. Тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ва уларнинг 14 кунлик фаолияти учун 6 фоизли устама ҳақлари тўлиқ тўлаб берилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашаётганларга 482 миллиард сўм тўлаб берилганини маълум қилинганди. Шунингдек, Тиббиёт ходимлари учун коронавирус беморларини аниқлаш ва даволаш бўйича қўлланма янгиланган эди.