Ўзбекистонда лицензиялаш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганларга пул мукофоти тўланади

Ахборот берувчига солинган жариманинг 10% миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади

Ўзбекистонда лицензиялаш, рухсатнома бериш ва хабардор қилиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорига таяниб Norma хабар бермоқда.

Ҳужжат билан лицензиялаш, рухсатномалар ва хабарномалар бериш тартиб-таомиллари бузилганлиги тўғрисида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, у ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарни ваколатли органларнинг махсус электрон тизими ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали юбориш тартибини белгилайди.

Хусусан, ахборот берувчи томонидан тақдим этилган билдиришномалар ваколатли орган томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилиши лозим.

Агар ахборот берувчи томонидан тақдим этилган маълумот тасдиқланса ва айбдор шахсга ваколатли орган ёки суднинг уни тақдим этилган маълумот учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори асосида жарима солинса, ахборот берувчига солинган жариманинг 10% миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.

 

Ўзбекистон