Фуқароларнинг 5 млрд сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилган агентлик мансабдорларига жиноят иши қўзғатилган
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувида «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилди.
Аниқланишича, 1993 йил Қирғизистон Республикасида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахс Ш.А. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани А.Дониш кўчаси 2-мавзеда жойлашган, фаолият турига кўра Ўзбекистондан ташқарида иш изловчи фуқароларни хорижий давлатда ишга жойлаштириш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериш ҳисобланган «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ учун 2019 йилнинг 19 апрель куни лицензия олиб, жамиятга раҳбарлик қилиб келган.
Хабарда айтилишича, жамият ташкил топган кундан бугунги кунга қадар бўлган вақт оралиғида фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб, республиканинг барча вилоятларида ваколатхона очиб, турли ОАВ орқали жамият ҳақида эълонлар берган. Бош офис ва ваколатхонага ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилиб келган фуқароларни Корея Республикаси ва Европа қитъасида жойлашган давлатларга ишга юборишини ваъда қилган.
Шунингдек, уларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан олган лицензияни кўрсатиб, Польша давлатида фаолият кўрсатиб келаётган «APEX Sp.z.o.o» ва «WIN SOLUTION Sp.z.o.o» корхоналари билан тузилган Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги меморандумни кўрсатиш орқали фуқароларнинг ишончига кирган.
Бироқ амалда бирор-бир фуқарони ишга жўнатишни мақсад қилмасдан, ҳар бир фуқародан таклиф этилган давлатдаги ишдан келиб чиққан ҳолда дастлабки тергов давомида аниқланган 132 нафар фуқародан 45 миллион сўмгача бўлган миқдордаги пулларни қўлга киритган. Ушбу фуқароларнинг бирортасини ҳеч қайси бир хорижий давлатга ишга юбормасдан, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари ва жамиятнинг фаолияти учун мақсадсиз сарфлаб юборган. Бундан ташқари, ўзганинг 5,6 миллиард сўм миқдордаги пулларини эгаллаш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори Ш.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мансабдор Ш.А.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Таъкидланишича, МЧЖнинг бош офисида 2020 йил 26 июнь куни тинтув тергов ҳаракати ўтказилган ҳамда тинтув давомида бир қатор буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан барча вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаларига Тергов топшириқлари юборилган бўлиб, ушбу топшириққа асосан фуқаролар сўроқ қилиб бўлинганидан сўнг етказилган зарарнинг аниқ миқдори маълум бўлади (етказилган зарарнинг жами миқдори ҳозирги мавжуд зарардан ошиши кутилмоқда). Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ «Straus House» мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми эълон қилиниб, компания таъсисчиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани, Сирдарёдаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани маълум бўлганди.