Ўзбекистонда канализация лойиҳалари учун 2,6 млн доллар талаб қилиниши маълум қилинди

Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан ўтказилган тақдимотда коммунал хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар деярли кўринмаётгани, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ҳозирги кунда 31 та йирик ва ўрта шаҳарлар, 156 та туман марказларининг канализация тизимини қуриш ҳамда модернизация қилиш вазифаси турибди. Канализация тизими Қаршида 45 фоиз, Aндижонда 37, Нукусда 30, Наманганда 10 фоизга таъминланган.

Фақат 18 та йирик ва ўрта шаҳар учун халқаро молия ташкилотларининг 912 миллион доллари жалб қилинган. Ҳисоб-китобга кўра, барча канализация лойиҳалари учун 2 миллиард 600 миллион доллар талаб қилинади. Хусусий шериклар билан биргаликдаги шаҳар канализацияси модернизацияси ҳам бюджетга енгиллик бўлади, ҳам хизмат сифати яхшиланади. Бундан ташқари, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарлари иссиқлик таъминотини шерикликка бериш моделлари бўйича таклифлар киритилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Сардор Умурзоқовларга ҳар чоракда давлат-хусусий шерикликдаги барча лойиҳаларнинг ижросини муҳокама қилиб, зарур чораларни белгилаб бориш вазифаси юклатилди.

Кескин танқидий руҳда ўтган тақдимот якунида мутасаддиларга муҳокама қилинган ишларни ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ масалалар Президентнинг шахсий назоратида бўлиши қайд этилди.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Давлат-хусусий шериклик агентлиги фаолиятини танқид қилгани ҳақида хабар берилган эди. Йиғилишда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга сотишда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш топшириғи берилган.

Янгиликлар