Сенатор қотилликларнинг қарийб 50 фоизи оилаларда юз бераётганини айтди

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида содир этилган қотиллик жиноятларининг қарийб 50 фоизи оилалардаги низолар оқибатида юз берган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов юқори палатанинг 29-ялпи мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.

Бурҳонов оилавий низолар оқибатида юзага келган жиноятларга тўхталиб, 6 ойда 183 та қотилликнинг 80 таси ёки 44 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққанини айтиб ўтган. Ушбу жиноятларнинг 77 таси ёки 96 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил, яъни яқин қариндошлар ўртасида юз берган.

«Оила-турмуш доирасида содир этилган жиноятларни шахслар доирасида таҳлил қилинганда, эри томонидан хотинига 359 та, хотини томонидан эрига 32 та, қўшнисига 55 та, акаси ёки укасига 80 та, қариндошига 241 та жиноятлар содир этилган», дейди Бурҳонов.

Шунингдек, сенатор ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга лозим даражада эътибор қаратилмагани оқибатида ўтган 6 ойда қайд этилган жами жиноятларнинг 9 418 таси айнан ёшлар томонидан содир этилганини урғулаган.

Қайд этилишича, жиноятга қўл урган 12 940 нафар ёшларнинг 1 278 нафарини хотин-қизлар, 504 нафарини олий ўқув юрти талабалари, 2 290 нафарини бандлиги таъминланмаган, таълим билан қамраб олинмаган ёшлар ташкил этган.