Самарқандда 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 3 сентябрь, пайшанба куни Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сонли Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Қайд этилишича, тадбир давомида Самарқанд шаҳар Aмир Темур кўчасида яшовчи 1976 йилда туғилган шахс О.Т. фуқаро Ў.га икки дона 16 калибрли ва икки дона 12 калибрли ўқ-дорини 100 долларга сотган вақтида қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фуқаролар томонидан топиб олинган жами 9 та ов қуроли ва 108 дона ўқ-дори ихтиёрий равишда ички ишлар органларига топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Булунғурда машина ичидан 700 минг сўм ўғирлаган шахс қўлга олингани маълум қилинди.

Янгиликлар