Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 6 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 36 миллионга яқинлашди.
«Worldometers»нинг 6 октябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 35 906 507 киши;
- касалликдан тузалганлар — 26 998 634 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 051 414 кишини ташкил этади.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 6 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 59 443 тани ташкил этмоқда.
Кун давомида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова коронавирус доим ҳам ўпка яллиғланишини келтириб чиқармаслигини айтгани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, Нурмат Отабеков карантин даврида мактабларда ошхона ва буфетлар ишлаши мумкинлигини айтган.
Мамлакатда 6 октябрь куни 365 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 232 таси Тошкент шаҳрида, 44 таси Тошкент вилоятида, 30 таси Наманган вилоятида, 15 таси Жиззах вилоятида, 13 таси Андижон вилоятида, 10 таси Қорақалпоғистонда, 6 таси Сурхондарё вилоятида, 5 таси Қашқадарё вилоятида, 5 таси Навоий вилоятида, 5 таси Фарғона вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 489 нафарга етган. 6 октябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 254 нафар, Тошкент вилоятида 92 нафар, Наманган вилоятида 17 нафар, Андижон вилоятида 12 нафар, Қашқадарё вилоятида 10 нафар, Қорақалпоғистонда ҳам 10 нафар, Фарғона вилоятида 8 нафар, Сурхондарё вилоятида 6 нафар, Навоий вилоятида 5 нафар, 414 жами нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 59 443 нафар бемордан 56 165 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2789 нафар бемордан 325 нафари оғир, 165 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 5 октябрь куни 391 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 692 391 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (6,7 миллион киши), Бразилия (4,9 миллион киши), Россия (1,2 миллион киши), Колумбия (865 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 35 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 6 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 108 296 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 103 367 нафари тўлиқ соғайган, 1725 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 60 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 33 615 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 517 нафари тузалган, 361 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 6 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 47 799 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 43 644 нафари соғайиб, 1066 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 3089 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 123 нафар ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.
Тожикистонда 6 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 014 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8837 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 78 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 40 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 6 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 237 504 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 988 576 нафари соғайган, 21 663 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 11 615 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 188 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 35,5 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.