Туркияда бир кунда коронавирусдан рекорд даражада ўлим ҳолати қайд этилди

Туркия давлатида бир кунда коронавирусдан рекорд даражада ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилди.

Фото: «Getty Images»

Хабарга кўра, сўнгги 24 соат ичида мамлакатда 196 нафар шахс CОVID-19’дан вафот этган — бу эса пандемиядан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич. Қайд этилишича, 17 ноябрдан буён ўлимлар сони ҳар куни 100 тадан ошмоқда. Вафот этганларнинг умумий сони 14 705 кишига етган.

Туркияда бир кунда 31 896 нафар шахс коронавирусга чалинган, умумий беморлар сони эса 533 198 кишига етган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 5 декабрь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 73 904 нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2120 нафар бемордан 177 нафари оғир, 37 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда касалликдан соғайганлар жами 71 173 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар