2022 йилда қанча инсон ЙТҲ сабабли вафот этгани очиқланди

2022 йилда Ўзбекистонда 2356 нафар инсон йўл-транспорт ҳодисаси туфайли вафот этди.

Қайд этилишича, ўтган йили 9902 та ЙТҲ содир бўлган. Автоҳалокатлар оқибатида 2356 нафар инсон вафот этган бўлса, 9606 нафари турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари енгил машиналар иштирокида бўлган. Шунингдек, уларнинг 4449 таси пиёдалар иштирокида, 3093 таси эса транспортлар тўқнашувлари оқибатида юз берган.

Энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари белгиланган тезликка риоя қилмаслик оқибатида содир этилган (1577). Энг кам ЙТҲ светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмагани сабабли келиб чиққан (214).

Статистикага кўра, 9902 та ЙТҲларнинг 345 таси аёллар, 9557 таси эркаклар томонидан содир этилган.

Бундан ташқари, республикадаги энг кўп ЙТҲлар соат 15:00 дан 18:00 га қадар содир бўлган.