Андижонда тадбиркорнинг пул маблағларини ўзлаштирган фуқаролар аниқланди

Андижон вилоятида тадбиркорнинг пул маблағларини ўзлаштирган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.

Хабарга кўра, фуқаро Ғ.А. ва бошқалар фуқаро Х.Д.ни 6 миллион сўмга манфаатдор қилиш билан унинг таниши Андижон шаҳар давлат хизматлари маркази бош мутахассиси О.Д. орқали «М.Т.» ва «Б.С.» МЧЖлар раҳбари Қ.В.нинг хабардорлигисиз, сохта ҳужжатлар орқали унинг номига электрон рақамли имзо калитини рўйхатдан ўтказиб, калитни жамиятларга алоқаси бўлмаган Ғ.А.га тақдим қилганлиги оқибатида, юқоридаги жамиятларга етказиб берилмаган 5,9 миллиард сўмлик унни гўёки жамиятлар раҳбари Қ.В. қабул қилиб олинганлиги ҳақида электрон ҳисоб-фактурани тасдиқлаб, жуда кўп миқдордаги маблағларни талон-торож қилгани Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғ.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 167-моддаси ва 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.