Қашқадарёда сифатсиз ёғ маҳсулотлари сотилаётгани аниқланди

Қарши шаҳрида сифатсиз ёғ маҳсулотларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти маълум қилди.

Фото: Прокуратура департаменти

Хабарга кўра, ЯТТ Ғ.К. ва И.С.ларга тегишли савдо дўконларида норасмий ишловчи фуқаро Ф.Ф. ва Ш.Я.лар “Qarshiyog’ ekstraktsiya” AJ ёзувли ҳар бир қадоғи 4,2 килограмм бўлган 100 дона ёғ маҳсулотини харидорга сотган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бўлими томонидан Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ушланиб, улардан жами 126 дона қадоқланган ёғ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Қайд этилишича, экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган пахта ёғи истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш)  ва 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар