Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда

Тегишли ҳужжат парламент юқори палатасига юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси маъқуллаб, Сенатга юбордилар.

Таъкидланишича, кейинги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ўзбек тили мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида, шунингдек, халқаро майдонда кенг қўлланилмоқда, уни ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштириш зарурати юзага келгани билдирилди.

Қонун лойиҳаси билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси
26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда, — дейилади хабарда.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг амалиётда самарали ва босқичма-босқич жорий этилишини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.

Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача фойдаланиш тартиби назарда тутилди.

Мазкур ёндашув давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади.

Натижада давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинади, қўшимча давлат харажатлари юзага келишига йўл қўйилмайди ҳамда алифбодаги ўзгаришларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотлари учун молиявий жиҳатдан мақбул, босқичма-босқич тартибда таъминланади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон