Маданий мерос агентлиги ташкил этилди

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Фото: xs.uz

Хабарга кўра, Президент фармонга биноан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида янги Маданий мерос агентлиги ташкил этилди.

Қайд этилишича, Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилиб, уларнинг штат бирликлари тегишлилигича Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилган.

Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва «Мозийдан садо» журнали мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлигига ўтказилди.

Таъкидланишича, 2021 ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади.

Аввалроқ, Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди деб хабар берган эдик.

Янгиликлар