Гулистондаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги коронавирус беморлари даволанаётган мажмуада юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий баёнот берди.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Aлпомиш» спорт мажмуасида 7 октябрь куни портлаш юз берган. Қайд этилишича, ушбу спорт мажмуасида коронавирусга чалинган беморлар даволанади. Дастлабки маълумотларга кўра, мажмуадаги кислород концентратори портлаган.

Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлигини маълум қилди. Таъкидланишича, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилган.

Шунингдек, хабарда тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олиниши таъкидланган.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида портлаш содир бўлганини тасдиқлаб, фуқароларга тан жароҳати етганини маълум қилганди. Вазирликнинг рус тилидаги ахборотида портлаш оқибатида камида бир киши енгил тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилганди.

Кейинчалик юқоридаги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Унга кўра, воқеа жойига вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ДХХ, ИИБ, ФВБ, ССБ бошлиқ ва ходимлари зудлик билан етиб келиб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи, тезкор маълумотлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, ахборот-таҳлил гуруҳи тузилган.

Шунингдек, Сирдарё вилояти ИИБ мажмуада кислород станциясига хизмат кўрсатган 1 нафар фуқаро — Д.М. тан жароҳати олиб, РШТЁИМ (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази) Сирдарё вилояти филиалига ёткизилиб, керакли тиббий муолажалар кўрсатилаётгани, портлаш оқибатида вафот этган фуқаролар йўқлигини билдирган. Бошқарма вазиятни тўлиқ назоратга олганини маълум қилган.

Бундан ташқари, мажмуадаги беморлар РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига тўлиқ жойлаштирилиши таъминлангани, мажмуа ва унинг атрофида жойлашган биноларга моддий зарар етган (бино бузилиши ва йирик талафотлар) мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Aввалроқ Бухорода электр подстанциясида ёнғин содир бўлгани ҳамда Сурхондарёда ёнилғи цистернасининг портлаб кетгани ҳақида маълум қилинган.

Янгиликлар