«Марказий Осиёда барқарорлик умиди бўлган Ўзбекистонга эътибор қаратишимиз лозим» — Forbes
Forbes колумнисти Мелик Кайлан 30 сентябрь куни Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақидаги навбатдаги мақоласини эълон қилди.
Охирги ўн йилликларгача дунё назарига тушмаган, Россия ва Хитой сингари буюк давлатлар соясида қолган, яқин-яқингача изоляцияда яшаган, иқтисодий ва экологик муаммолардан эзилган Ўзбекистон тақдирини ўйлашимиз керакми? Ҳа, ўйлашимиз керак. Бунга бир қанча сабаблар бор. У Афғонистон билан чегарадош ва бу мамлакат ҳамда минтақанинг барқарорлигига таъсир ўтказади. У Москва ва Пекиннинг Марказий Осиёга боғланиш йўлини ўзгартириб, жаҳон стратегик йўналишларида «ўйинни ўзгартирувчи» мамлакатга айланишга етгулик кучи бор. Эндиликда мамлакат қисқа йиллар ичида кутилмаган тарзда узоқ вақтли уйқудан уйғонди ва барча қўшни давлатларга янги даврни қандай бошлаш кераклигини кўрсатиб қўйди. Кўп жиҳатдан у Буюк ипак йўлининг маркази сифатида тарихий ролига қайтмоқда.
Ўзбекистоннинг кутилмаганда қайта уйғонишига янги Президентининг БМТ Бош Ассамблеясида яқинда сўзлаган ўзига хос таъсирчан нутқи далил бўла олади. Пандемия туфайли барча нутқлар биринчи марта масофадан туриб сўзлангани ҳақиқатан тарихий ҳодиса бўлди. Давлат раҳбари бунчалар аниқ ва ишонч билан гапирганига ва дунё миқёсида ўз ўрнини кўрсатиб қўйганига гувоҳ бўлиш Ўзбекистон фуқаролари учун ажабланарли бўлса керак. Улар ўтмишда одатланган нарсалар ҳақида кейинроқ батафсил тўхталишимиз мумкин, аммо ҳозирги Президент Мирзиёев аниқ мақсадларни илгари сурди. Мамлакат ҳозирда эътибор қаратаётган соҳалар: гендер тенглиги, қонун устуворлиги, демократик ўзгаришлар, коррупцияга қарши кураш, ёшларни иш билан таъминлаш, Афғонистон билан муносабатлар ва бошқаларни санаб ўтгани ишончли чиқди. Бу БМТда нутқ сўзловчи раҳбар учун катта ютуқ ҳисобланади. Нега ишончли, дерсиз. Чунки давлат раҳбарлари камдан-кам ҳолда тузатиш керак бўлган камчиликларнинг ҳаммасини тан олади. Иккинчидан, тилга олинган соҳаларда унинг ўзи аллақачон сезиларли натижага эришган (Парламентда аёллар сони икки баробарга ошган; атрофдаги давлатлар билан савдо беш баробарга ошган). Келинг, яхшиси бир бошидан бошлайлик.
Цивилизация тарихида Буюк ипак йўли Шарқ ва Ғарб ўртасида қуруқлик бўйлаб маҳсулотлар, ғоялар, технология, тил ва маданият алмашинувига хизмат қилган. У асрлар давомида, ҳатто минг йиллар давомида дунёнинг марказий артерияси, бурилиш нуқтаси бўлган. Унинг юрагида эса афсонавий воҳа шаҳарлари билан ҳозирги Ўзбекистон ётарди. Чўлда пиёда сафарга чиққан ва силласи қуриган саёҳатчилар ҳамда савдогарлар ўзида ишониб бўлмайдиган даражада яшил пуфакчалари, майин шудринг, мевали дарахтлар ва гулга бурканган буталарни сиғдирган мудофаа иншоотларини силкитиб, уфққа сароб кўтарилган пайтни кўришни орзу қиларди. Бу Бухоро, Хива ва Самарқанд эди. Номлари деярли мифологик, туганмас бойлик ва кўҳна амалиётлар билан синоним. Тут, ипак ва анор. Ер юзидаги энг ширали қовунлар. Юқори сифатли матолар. Қимматбаҳо тошлар сотиладиган бозорлар ва заргарлик буюмлари. Фалсафа, мусиқа, математика, нафис миниатюра санъати. Асрлар давомида Ўзбекистон дунё халқлари онгида ўзгармас ўрин эгаллаб келган. Ҳали ҳам бу ўзига хосликни қайта тиклаши мумкин.
У ердаги ҳаёт мавжуд тузум ва даврга қараб кўп тилли космополитизм ва мудофаага асосланган алоҳидалик ўртасида тебраниб турган. 150 йил давом этган Москва назорати остида Марказий Осиё руслашишга мажбур бўлди. Ўзбекистон Советлар даврида асосий пахта колонияси бўлиб хизмат қилди. Собиқ Иттифоқ 1991 йил парчаланиб кетди, аммо Ўзбекистон чорак аср пост-совет золим Ислом Каримов раҳбарларигида оғир кунларни бошдан кечирди. Аҳоли тобора қашшоқлашиб, сиёсий таъқиблар авж олган, пахта далаларида болалар меҳнати оддий ҳолга айланган пайтда бутунлай репрессив менталитет ҳукм сурди. Ўзбек пахта далаларини суғоравериш натижасида Орол денгизи қуриши атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсата бошлади. Аммо ҳар қанча шафқатсиз бўлмасин, биргина ютуқни айтмасдан илож йўқ — Президент Каримов Афғонистон чегараларидан сизиб кирадиган фундаменталистлар оқимини ушлаб тура олган. Каримов 2016 йил вафот этгач, ўрнига бош вазир Шавкат Мирзиёев Президент бўлган.
Мирзиёев Каримов даврида юқори лавозимларда ишаганини ҳисобга олиб, унинг катта ўзгаришлар қилиши кутилмади. Ажабланарлиси шундаки, Мирзиёев умумбашарий кутувларга қарши чиқди. У тамомила янги йўналишни бошлади. У ҳамма нарсани радикал, тубдан ўзгартирдики, буни «Ўзбек баҳори» деб аташ мумкин. 2019 йилнинг июлида бу мамлакат қандай қилиб тўсатдан ва ишончли тарзда бизнес учун очиқ майдонга айлангани ҳақида мақола ёзгандим. Бир сафар капитал бозор семинарида қатнашган эдим. Унда ўзбек (асосан, ёш) банкирлари ва ишлаб чиқарувчилари «Wall Street» муассисларига янги яратилган шароитда эрта инвестиция киритишнинг афзалликлари ҳақида гапириб берган.
Мен Америкада ўқиб келган, ёш, Капитал бозори ва тараққиёт агентлиги директори Отабек Назиров билан суҳбатлашган эдим. У ўзининг самимийлиги ва реалистлиги билан мени ҳайрон қолдирган. Вазир даражасидаги амалдор учун энг жонли хусусият, Ўзбекистон ҳукумати учун эса инқилоб деса ҳам бўлади (Ҳатто Назировнинг ва агентликнинг АҚШдаги расмий маслаҳатчиси Фрэнк Мурадов ҳам у иштирок этаётган америкалик инвесторлар учун ўзбек компанияларининг таклифига бағишланган тақдимотлар унда катта таассурот қолдирганини айтган). Ўша мақолада мен янги Президент Мирзиёев қандай қилиб қатор мамлакатларга, айниқса, узоқ йиллар муносабатлари совуқ бўлган қўшни мамлакатларга ташриф буюргани ҳақида ёзганман. Инвестиция, ҳақиқатан ҳам, оқиб келишни бошлади — «Nestle» ва «Coca Cola»дан тортиб «Peugeot» ва «Volkswagen»гача Ғарб брендларининг ҳар қандай тури тижорий манзара касб этган.
2019 йил декабрда «The Economist» Ўзбекистонни ҳар томонлама ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришда «энг узоқ саёҳат қилган» йил мамлакати деб топди ҳамда такомиллаштиришни давом эттириш кераклигини қўшиб қўйди. Шубҳасиз, бу такомиллашув амалга ошди. Болалар меҳнати деярли йўқ қилинди — бу инсон ҳуқуқлари ҳимоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг асосий ташвиши эди. Кўплаб сиёсий маҳбуслар озод қилинди, бу Шимолий Корея билан солиштирилганда мўжизадек гап. Қўшни Афғонистонни савдо-содиқ орқали барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўпайган, шу жумладан, Афғонистон чегараси яқинида йирик эркин савдо маркази ташкил этилган. Ҳукуматга ёрдам бериш учун халқаро истеъдодлар ишга олинган. Бунга қўшимча, экспат жамияти билан таниш бўлган Фрэнк Мурадовнинг айтишича, «кучли билимга эга ўзбек профессионаллари мамлакатга қайтди», аввалги вазият бўлса, улар сира қайтмаган бўлар эди. Энг муҳими, иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон тилла экспорти бўйича биринчи ўринга чиққан. Covid-19 туфайли глобал талабнинг ошиши сабабли металлнинг қиймати шу даражада кўтарилди ва иқтисодий саломатликнинг ажойиб кўрсаткичини келтириб чиқарди: Ўзбекистон Covid инқирози даврида турғунлик қайд этилмаган камёб давлат бўлди. Аммо асосий мақсад доим иқтисодиётни диверсификация қилиш бўлди, яъни хом ашё экспорт қилишдан маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ва юқори технологияли секторни ишга тушириш.
Бунинг учун бизнесни бошлашни қўллаб-қувватловчи хорижий ва маҳаллий маблағлар оқимини барқарорлаштириш, яъни хусусий сектор иштирокини ошириш учун стандарт талаблар қўлланилади: шаффофлик, маҳсулдорлик ва давлат саноатини хусусийлаштиришни кучайтириш. Шу мақсадда мамлакат энг яхши умумжаҳон стандартларига мувофиқ қонун ва қоидаларни ишлаб чиқиш бўйича энг яхши халқаро институтлар билан иш олиб бормоқда — шунинг учун у FTSE ва MSCI каби қабул қилинган индексларга қўшила олади. Жараёнга масъул бўлган Назировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз фонд бозорини мустаҳкам шакллантирмоқда. Бу ўз ичига нимани олади? У бутун корхонани инвесторларга маъқул келиши учун зарурий босқичларни санаб ўтди: «акциядорларнинг, айниқса, давлат корхонасида озчиликни ташкил қилувчи акциядорларнинг ҳимоясини кучайтириш; маълумотларни нашр этиш; шаффофликни ўрнатиш; қимматли қоғозлар тўғрисида янги қонунларни ишлаб чиқиш ва мамлакат ичкарисидаги ва ташқарисидаги барча инвесторлар учун тушунарли ва фойдаланишга қулай қилиш».
Тарихда тенглик маданияти бўлмаган мамлакат учун бу энг осон иш ҳисобланмайди. Совет Иттифоқидан кейинги даврда тизим, асосан, давлат банклари ва кредитларга таянар эди. Ҳозирги мақсад — хусусий капитални хусусий инвестицияларга корпоратив облигациялар, акциялар ва бошқа молиявий воситалар орқали йўналтирадиган динамик бозорни яратишдир. Ва бу тезлик билан содир бўлмоқда. Назировнинг айтишича, ўтган 2 йил ичида Ўзбекистондаги листинг компанияларининг бозор қиймати 3,8 миллиард даоллардан 5 миллиард долларга ошган. Бу ҳам қиймат, ҳам янги листингларнинг ошиши туфайлидир.
Мен буларнинг барчасини ажабланиш билан, ишонгим келмай айтяпман, чунки Каримов даврида мамлакатга икки мата журналист сифатида борганман. Қўшни давлатларига ҳам. Олдинги мақоламда ёзганимдек, Ўзбекистонга солиштирса бўладиган мен кўрган ягона давлат Саакашвили давридаги Грузия бўлган. У пайт муваффақиятсизликка учраган мамлакатнинг иқтисодиёти гуллаб, янги бинолар, қувурлар, экспортлар кўпайган, кўплаб ғарб тиллари ўқитилган, ҳукуматда юқори маслаҳат лавозимларига хориждан келган экспертлар жалб қилинган, ҳамма ерда ёш кадрлар, коррупция даражаси камайган. Бу 100 йилда биринчи марта келажак маст қилувчи даражада ёрқин кўринадиган макон ва замон эди. Бу такомиллашув ёйи айнан Ўзбекистонда ҳам содир бўлмоқда. Масалан, коррупция соҳасида Тошкент «отини қамчилади». Ҳукумат коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил қилди ва бир неча ой ичида уч нафар бош прокурор ҳибсга олинди. Ўзбекистон фуқаролари коррупцияга оид ҳолатларни ижтимоий тармоққа жойлайдиган, жиноятчини оммага эълон қиладиган бўлди.
Шу ерга келганда, энди бир оз тин олайлик-да, нозикроқ масалага ўтсак. Албатта, парламентда ҳаққоний сайловлар бўлади, бешта партия бор, ҳақиқий дебатлар бўлади — ҳа, лекин номзодларни танлаш ва бошқа катта нарсаларни давлат назорат қилади. Суд тизими тўлиқ мустақил бўлмаса, қонуний ислоҳотлар қанчалик ҳаққоний бўлади? ОАВ қай даражада эркин? Биз тўрт йил аввалги тузумда мамлакатга киришга ҳам рухсат берилмаган халқаро ОАВдан аллақачон бу каби саволларни эшитиб келяпмиз. Демократиянинг бирор-бир қиёфаси бўлмайди. Ўзбекистон масаласи, қисқача қиладиган бўлсак, қанча масофага қандай тезликда бора олишида.
Ўтган йилги мақоламда Россия, Хитой ва эҳтимол толиблар Ўзбекистоннинг бўйнидан олиши мумкинлигини ёзиб, мамлакатнинг илдам ҳаракатланишини кутаётган чет элликлардан сабрлироқ бўлишини сўрагандим. Юқоридаги тузоқлар сабабли Ўзбекистон сиёсий ислоҳотларни барқарорлик билан олиб бориши керак. Жараён аста-секин бўлиши керак. Охир-оқибат Грузияда нима бўлганини унутмайлик: Россия босқини, сепаратист анклавларнинг ажралиб чиқиши, Грузия ҳудудининг катта қисмлари ҳалигача бегоналарнинг қўлига ўтиб кетаётгани. Ғарб ОАВси аввалига Саакашвилини анча вақт улуғлади, кейин эса тенгсиз ютуқларига қарамай, унинг сиёсий камчиликларини танқид қилди. Чунки у Ғарб стандартларига кўра яшамоқчи бўлганди. Энди эса у йўқ, жаҳон матбуоти на бу мамлакатни, на унинг тобора кучайиб бораётган номукаммаллигини сезмайди.
Ажабланарлиси шундаки, хорижий ОАВ мамлакатда беқарорлик тус олишидан бир оз хавотир олади, инвесторлар эса чуқур ташвишланади. Натижада Осиёнинг аксари қисми Сингапур моделини — максимум бойлик, минимум сиёсатни қабул қилди. Буни аҳмоқона характерга эга деб бўлмайди, балки ўтиш давридаги барқарорликка хизмат қилади. Чунки аҳоли ўзини ўзи бошқариш вазифаларини билиб олади. Ушбу тамойил агар коррупция назорат остида бўлса ва миллий бойлик сиёсий ҳокимият марказларига боғлиқ бўлмасагина ишлайди. Бу соҳада ҳам Тошкент ҳайратланарли ютуқларни қўлга киритмоқда. Қўшни давлатлардаги стандартлар ҳисобга олинса, жуда ажойиб. Бундан ҳам ажабланарлиси шундаки, шу кунларда англосфера ғарбидаги катта қисмлар дунёнинг қолган қисми учун айёр сиёсий модель бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистон ўз моделини, сиёсат ва бойлик ўртасида мувозанатини барқарорлик билан ривожлантириш учун яна бир сабаб бўлади.