Тошкентда божхона пости бошлиғининг уйидан пора сифатида олинган 311 минг доллар пул топилди

Тошкент шаҳрида «Aрк Булоқ» божхона пости собиқ раҳбарининг уйидан пора сифатида олинган 311 минг доллар пул топилди. Бу ҳақда Бош прокурор коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, «Арк булоқ» божхона пости бошлиғи Ж. бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 миллиард сўм зарар етказган. Тергов жараёнида Ж.нинг уйида ўтказилган тинтувда пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар олинган.

Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қурганлиги, «Tashkent city» мажмуасидан 2 та хонадон ва 1 та нотурар жой ҳамда «Captiva» автомашинасини сотиб олгани аниқланган.

Фото: «Tez News»

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошовнинг сўзларига кўра ҳозирда Ж. ва шериклари суд олдида жавоб бермоқда.

Аввалроқ Бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилганини айтганди.

Янгиликлар