Навоийда 450 дан ортиқ инсоннинг банк карталари бошқарувини қўлга киритган жиноий гуруҳ аниқланди

Навоий вилояти Зафаршон шаҳрида ўзгаларнинг пластик карталаридаги маблағларни ечиб олиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аниқланди.

Қайд этилишича, Зарафшон шаҳрида яшовчи Н.М. ариза билан мурожаат қилиб, Telegram мессенжерида номаълум шахс фейк хабар орқали унинг банк картаси бошқарувини қўлга киритиб, жами 2,78 миллион сўм пулларини ечиб олганини билдириб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни бир гуруҳ шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб содир этгани аниқланган.

Жиноий гуруҳ аъзолари Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланган 16 ёшли А.А. ва унинг акаси 21 А.Ш., Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи 37 ёшли Н.Б. ва унинг ўғли 16 ёшли Б.Д. экани маълум бўлган.

Гуруҳ сохта ҳаволалардан фойдаланиб, Телеграм мессенжеридаги гуруҳ ва каналларда ёлғон хабарларни тарқатиб, жами 454 нафар фуқаронинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштирган.

Ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар