Ўзбекистонда ҳар бир туманда телемедицина йўлга қўйилади

Ўзбекистондаги ҳар бир туманда телемедицина йўлга қўйилади. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев маълум қилди.

Фото: «Rubaltik»

Маълум қилинишича, умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор мутахассислиги жорий қилиниши мумкин.

«Коронавирус — соғлиқни сақлаш тизимининг нафақат имкониятлари ва салоҳиятини кўрсатди, балки мавжуд камчиликларини ҳам очиб берди.

Умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор мутахассислигини жорий қилишимиз зарур. Аввалги ялпи, мақсадсиз патронаж ўрнига ҳозир янги патронаж тизими яратилди. Яъни илгари фақат патронаж ҳамширалар ишлаган бўлса, ҳозир тиббий гуруҳлар ташкил қилинди. 2021-2023 йилларда олис ҳудудларда қўшимча 315 та қишлоқ врачлик пункти ва 85 та оилавий поликлиника ташкил этилади.

Телемедицина ривожлантирилади — ҳар бир туманда, туман марказий шифохоналари қошида махсус жиҳозланган хоналар яратилади ва у ерда телевизион ускуналар ёрдамида ҳар куни Республика ихтисослашагн марказларининг етук мутахассислари туман даражасида беморларга телеконсультация ўтказишади ва даволаш жараёнинини яхшилашга ёрдам беради», — дейди Абдуҳаким Ҳожибоев.

Аввалроқ Ўзбекистонга бир ҳафта ичида кириб келган 21 кишида коронавирус аниқланганди. Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Oтабеков қандай ҳолатда пандемияни енгиш мумкинлигини маълум қилганди.

Янгиликлар