Нурмат Oтабеков қандай ҳолатда пандемияни енгиш мумкинлигини маълум қилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Атабеков аҳолининг 70 фоизида коронавирусга қарши иммунитет шакллантирилса пандемияни енгиш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: YouTube

Хабарга кўра, ҳозир дунё ҳамжамияти пандемияни бошидан кечираётгани сабабли, биринчи галдаги вазифа бу айнан пандемияни жиловлаш, керак бўлса вируснинг у ёки бу давлатдаги элиминациясига эришиш ҳисобланади. Шунингдек, Нурмат Oтабеков бугунга келиб, ер курраси аҳолисининг юздан бири коронавирусга чалинганини таъкидлаб ўтган:

«Фикримча, агар аҳолининг 70 фоизида иммунитетни шакллантира олсак (эмлаш орқали ёки касалланиш оқибатида) демак биз пандемияни жиловлай оламиз, аниқроқ айтсак биз уни енгамиз. Статистик рақамларга эътибор берсак, бугунга келиб, ер курраси аҳолисининг юздан бири коронавирусга чалинди, жами қайд этилган ҳолатлар сони 80 миллион нафардан ошди, 1 миллион нафардан ортиқ бемор вафот этди».

Унинг таъкидлашича, мутацияга учраган вируснинг пайдо бўлиши эндиликда эмлашнинг бефойда эканлигини билдирмайди:

«Фикримча, мутацияга учраган вируснинг пайдо бўлиши эндиликда эмлашнинг бефойда эканлигини билдирмайди. Бугунги кунга қадар ишлаб чиқилган вакциналарнинг аксарияти коронавируснинг боғловчи оқсилларини кодлайди. Демак, эмлаш тадбирлари амалга оширилгандан кейин ҳатто мутант-вирус билан касалланган тақдирда ҳам беморнинг иммун тизими ҳаракатга келади ва қувонарлиси, амалдаги иммун тизимини енгиб ўта оладиган даражада протеинларини ўзгартириши учун вирус бир қатор мутациялардан ўтиши шарт бўлади.

Шу ўринда, аҳолимизга эслатиб ўтмоқчи бўлган нарсам шуки, грипп касаллиги вируслари ҳам тез-тез мутацияга учраши сабабли вакцина ҳар фаслнинг бошида янгиланиб турилади ва шу йўл билан эмлаш самарадорлигига эришилади.  Бунинг учун коронавирусга қарши вакциналарни ҳам келгусида янгилаш керак бўлиши мумкин. Аммо пандемия даврида жамланган маълумотлар ва яратилган ишлаб чиқариш манбалари, шубҳасиз кейинчалик аҳолини унчалик қиммат бўлмаган ва сифатли вакцина билан мунтазам таъминлаш имконини беради».

Аввалроқ коронавируснинг янги тури яна икки давлатда аниқлангани ва Африканинг яна бир мамлакатида коронавируснинг янги тури аниқлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Осиё мамлакатларига ҳам коронавируснинг янги тури кириб келгани маълум қилинганди.

Янгиликлар