Ўзбекистонда мактаблар таълим сифатига қараб турларга ажратилади — Шерзод Шерматов

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов республикадаги мактаблар таълим сифатига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил»га бўлинишини маълум қилди. Вазир бу ҳақда АОКАда 8 январь, жума куни бўлиб ўтган Бош вазир ўринбосари ва вазирлар иштирокидаги брифингда айтиб ўтди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, айрим мактабларимизда таълим сифати юқори бўлиб, ҳамма ота-оналар ўша ёққа интилади. Шу сабали мактаблар даражаси бўйича график қилиниб, улар «қизил», «сариқ» ва «яшил» мактабларга ажратилади.

«‘Қизил мактаблар’ — таълим сифати жуда паст бўлган мактаблар бўлиб, асосий вазифа ‘қизил мактаблар’ сонини камайтириш бўлади. Мурожаатномада таълим сифатини ошириш механизми ҳам очиб берилди. Яъни бошқа тумандан ‘қизил мактаб’га бориб ишлаган ўқитувчиларга 50 фоиз устама, бошқа вилоятдан бориб ишлашда 100 фоиз устама бериш масалалари мурожаатномада қайд этилди. Бу республикадаги 10 мингдан ошиқ мактабнинг ўз устида ишлашига стимул бўлади», — дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир ўзбек мактабларида ўқитувчилар етарли. Республика бўйича педагогик ставка ва ҳақиқий ўқитувчилар фарқини таққослаганда 80 мингдан зиёд ортиқча ишлаб турган ўқитувчилар бор.

Аввалроқ Халқ таълими вазири ота-оналар ва ўқитувчиларга мурожаат қилиб, болаларни тил ўрганиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ундашларини сўраганди.

Янгиликлар