«Ўзининг устида ишламайдиган, адашиб мактабга келиб қолганлар секин бошқа жойдан иш топсин» — Шерзод Шерматов

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов адашиб мактабга келиб қолган инсонларга интернетда хайп кўтармасдан секин бошқа иш топишни маслаҳат берди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида пост қолдирди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Вазир пост аввалида таълим сифати паст мактаблар жамоаси натижага ишлаш учун бор имкониятини сафарбар этишлари зарур, акс ҳолда бу ишни бошқа жамоа амалга оширишини таъкидлаб ўтган.

«Президентимиз Мурожаатномада таълим сифатини барча мактабларда кўтариш бўйича жуда катта вазифани белгилаб бердилар. Бунинг учун таълим сифати паст мактабга бошқа тумандан борган малакали ўқитувчи учун 50 фоиз устама, бошқа вилоятдан келганига эса 100 фоиз устама бериш кўзда тутилаяпти.

Хабарингиз бор, битирувчисининг биронтаси ҳам олий таълим муассасаси (ОТМ)га кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар бошлангани сабаб, ушбу мактаблар жамоаси ҳаракатга тушиб, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробар камайди!

Буёғига ўқувчилар битиришига атиги ярим йил қолди. Шунинг учун ушбу графикда кўрсатилган тўқ қизил рангдаги (0%) ва қизил рангдаги (10 фоизгача кўрсатгичга эга) мактаблар учун бу йил жуда катта синов йили бўлади. Шунинг учун, ушбу мактаблар жамоаси бирлашиб натижага ҳаракат қилиши зарур! Аввалгидек, биз кетсак, ўрнимизга ўқитувчи топилмайди дейиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас», — дея ёзиб қолдирган Шерзод Шерматов.

Шунингдек, у пост давомида вазирлик, вилоят ва туман бўлинмалари ходимлари ҳам бундан буён фақат қизил (10 фоизгача кўрсаткичли) мактабларга бориб, улардаги аҳволни яхшилаш бўйича ишлашини, яшил категориядаги мактабларга умуман бормаса ҳам бўлишини, уларга халақит қилинмаслигини айтган.

Уларда яхши ёш кадрлар бўлса, қизил категориядаги мактабларнинг раҳбар лавозимларига тавсия этиш керак, дея фикр билдирган. Шундагина ушбу яшил мактаблардаги ижобий муҳит қизил мактабларга ҳам тезроқ тарқалишини маълум қилган.

«Албатта, бу масала эртага анчагина шов-шув, хайпга айланиши ҳам мумкин, чунки ҳеч ким ишдан шундоқ кетишни хоҳламайди. Лекин, мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар ишлаши керак, уларни фақат ҳурматини ошириб, қўшимча шароит яратишга ҳаракат қилиб борамиз. Аксинча, ўзини устида ишламайдиган, адашиб мактабга келиб қолган, аввалги мажбурий меҳнат тизимида қандайдир сақланиб юрган инсонларга интернетда хайп кўтаришга ҳаракат қилгандан кўра, секин мактабдан бошқа жойдан иш топишни маслаҳат берамиз», — дея ёзган вазир.

Бундан ташқари, Шерзод Шерматов бундан буёғига мактаблар фақат натижага ҳаракат қилишини, ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлашлари зарурлигини, ҳамда вилоятларда бир ставкада бир нечта ўқитувчи ишлаётган мактаблар ҳам кўплигини, ўқитувчиларнинг умумий сони ставкаларнинг сонидан 80 мингдан ортиқлигини қайд этиб ўтган.

Янгиликлар