Наманганда масжидда ўғрилик қилган шахс қўлга олинди

2 февраль куни соат 13:00 да Наманган шаҳар «Чорсу» деҳқон бозорида жойлашган ҳожатхонада фуқаро курткасини қаровсиз қолдирганлигидан фойдаланган номаълум шахс куртканинг чўнтагидан нархи 160 АҚШ доллари бўлган «Iphone 6S» русумли телефон аппаратини ўғирлаб кетгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Фото: ИИВ

Суриштирувларга кўра, ушбу жиноятни Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро содир этганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, айбдор Наманган шаҳар «Чорсу МФЙ» ҳудудида жойлашган «Хўжа Амин» жоме масжидига намоз ўқиш учун келган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқарога тегишли бўлган нархи 600.000 сўмлик эркаклар қишки оёқ кийимини ўғирлаб кетганлиги ҳам аниқланган.

Ҳолат юзасидан, Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, Тошкентда омборхонадан аёллар оёқ кийимларини ўғирлаган эркак қўлга олингани хабар қилинган эди.

Мавзуга доир: Самарқандда «қорбобо» 400 долларлик телефонни ўғирлаб кетди — видео