Фарғонада МИБ ходими 2 минг доллар пора билан ушланди

Фарғонада МИБ ходими 2 минг доллар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Xabar.uz хабар берди.

Хабарга кўра, Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, иш юритувидаги ижро иши юзасидан гидропоника технологияси асосида иссиқхона ташкил этган фермер хўжалигининг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги бўйича ижро ҳаракатларини тугатиб беришини айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган пулни олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани архитектура бўлимининг собиқ ходими маҳаллий фуқарога Сирдарё тумани «Адолат» МФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдонини ажратиш тўғрисида туман хокими қарорининг чиқарилиши учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришда ва ушбу ер майдонида қурилиши режалаштирилаётган ёрдамчи хўжалик биносининг эскиз лойиҳаси ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришини айтиб, эвазига 1200 АҚШ доллари сўраган. Аввалига у 200 АҚШ доллари эквиваленти ҳисобида 2 млн 100 минг сўм олган, кейинроқ эса 900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Аввалроқ, Андижонда терговчи ва ҳибсхона бошлиғи 12 минг АҚШ доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Самарқандда ИИБ ходимига пора бермоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди