Марғилонда танишининг 1 млн сўмлик телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган фуқаро қўлга олинди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2020 йил 2 август куни танишининг 1 миллион сўмлик телефонини фойдаланиб туришга олиб, уни сотиб юборган фуқарога жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, Марғилон шаҳрида 2 август куни А.Н. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, нархи 1 миллион сўмлик «Samsung J6» русумли уяли телефон аппаратини вақтинча фойдаланиб, сўнг қайтариб беришини айтган. Бироқ берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган телефон аппаратини бошқа шахсга сотиб, пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Қўқонда танишининг 1,5 миллион сўмлик телефонини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган фуқарога ва Фарғонада танишининг 1 миллион сўмлик телефонини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.