Марҳаматда МИБ сентябрда жами 835 млн сўмдан зиёд солиқ қарзини ундирди
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти Марҳамат туман бўлими томонидан сентябрь ойи давомида жами 835 миллион 654 минг 100 сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда МИБ Андижон вилояти бошқармаси хабар қилди.
Хабарга кўра, Марҳамат туман давлат солиқ инспекциясининг қарорларига асосан қарздор «Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш» МЧЖ ҳисобидан туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига жами 743 миллион 184 минг 200 сўм солиқ қарзи ундириш кўрсатилган. Мазкур ижро ҳужжатлари бўйича қарздорга тегишли бўлган «Lacetti» русумли автомашина рўхатга олиниб, хатланган ва вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб кирилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари ва тушунтиришлар натижасида қарздор «Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш» МЧЖ томонидан 743 миллион 184 минг 200 сўм солиқ қарзи 2020 йил 28 сентябрь куни тўлиқ тўланган. Ҳозирда Бюронинг ҳудудий бўлимлари томонидан солиқ қарздорликларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Мирободда 105 милион сўм улуш пули фуқарога ундириб берилгани, Тойлоқ тумани халқ таълими бўлимидан салкам 70 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани хабар қилинган эди.