НамДУ талабалари йод ва темир моддаси ўрнини босадиган цукатлар тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқди

Наманган давлат университети талабалари йод ва темир моддаси ўрнини босадиган цукатлар тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Наманган Давлат Университети «Биотехнология» факультети талабалари ёнғоқ, тарвуз, қовун, ошқовоқ, анор, цитрус пўчоқлари ва сабзавотларни қайта ишлаб, улардан турли хил шифобахш, арзон, табиий цукатлар тайёрлаш технологиясини ишлаб чиққан.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мазкур махсулотлардан ёнғоқ пўчоғи цукати йод ва темирга бой бўлиб, инсон организмини ушбу минерал моддаларга бўлган талабини қондиради. Бундан ташқари, бу цукатлар пектин, клечатка, витаминлар, минераллар ва озиқавий моддаларга бой.

Таъкидланишича, талабаларнинг ушбу тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳам илмий-тадқиқот ишларини давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ёшларнинг амалий ва инновацион лойиҳалари танловини эълон қилиб, уларни бу тадқиқотларини амалиётга қўллаш ва оммалаштириш ишларига ёрдам беришни бошлаган. Шунингдек, вазирлик талабаларнинг амалий тадқиқотлари натижаларининг стартап лойихаларини Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қўвватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни ҳам режалаштирган.

Бундан аввал Қўштепада умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган «Тиббий антисептик воситалар» лойиҳаси амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қоракўлда 19 та фан дастуридан иборат «IT-markaz» очилгани маълум қилинди.

Янгиликлар