Тошкент туман ҳокимлиги ҳудудда ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилганини тан олди
Тошкент туман ҳокимлиги ҳудудда ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилганини тан олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳокимлик томонидан ҳақиқатдан ҳам ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилган.
Ўрганиш ишлари туманда мавжуд 31 та мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳамда мактаб психологи иштирокида бўлиб ўтган. Ушбу ўрганишларнинг сабаби ижтимоий тармоқлар орқали экстремистларнинг алдовларига учиб, улар билан алоқа боғлаб, Сурияга кетиб, диний-экстремистик оқимга қўшилиш тараддудида турган ўқувчи қиз аниқлангани бўлган. Мазкур ўрганиш бир марталик тадбир бўлиб, фақат Тошкент тумани миқёсида ўтказилган.
«Тошкент тумани ҳокимлиги, туман жамоатчилиги бу масалада очиқ мулоқотга тайёр ва ахборот майдонидаги нораво ёндашув, имон-эътиқодли халқимизнинг покиза исломий эътиқодига тегинадиган бир тарзда эълон қилинган материалларни диққат билан кузатиб, муносабат билдиришда давом этади», дейилади хабарда.
Бундан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошева учун бошқа эҳтиёт чораси танлашни сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик ССВ Самарқандда коронавирус беморлари статистикаси камайтириб кўрсатилмаганини маълум қилди.