Соғлиқни сақлаш вазирлиги прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошева учун бошқа эҳтиёт чораси танлашни сўради
Соғлиқни сақлаш вазирлиги прокуратура идораларидан Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева учун бошқа эҳтиёт чораси танлашни сўради. Бу ҳақда вазилрик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ССВ хабарида мазкур ҳолатда Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши эканлиги ҳамда қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, прокуратура идораларидан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўралган.
«Ҳозирда Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши масаласи интернет тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасига кўра, терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади.
Мазкур кодекснинг 14-моддасига кўра, одил судловни амалга оширишда судьялар мустақил фаолият юритиб, фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги идоралар фаолиятига аралашишга ҳақли бўлмаса-да, Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши эканлиги ҳамда қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда прокуратура идораларидан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўрайди», — дейилади ССВнинг расмий муносабатида.
Бундан аввал Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни ҳибсга олинган. Кейинчалик Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур ҳолат Прокуратура иш юритувида эканлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Бош прокуратура бу масалада расмий баёнот бериб, унда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида буджет ва буджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирида жами 250,8 миллион сўм буджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланганлиги айтилган.
Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган.
Кейинчалик Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров аёл айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини айтган.
Сўнгра, Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдиргани ҳамда Саида Мирзиёева Тошкент вилоят прокуратурасидан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан чиқарган қарорини қайта кўриб чиқишларини сўрагани маълум қилинди.