Журналист Абу-Али Ниёзматовга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани маълум қилинди

Журналист Абу-Али Ниёзматовга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани маълум қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 7 октябрь, чоршанба куни соат тахминан 11:00 да Қибрай тумани «Алишер Навоий» МФЙ Алишер Навоий кўчаси 31-уйда жойлашган «Т.А.Ф» якка тартибдаги тадбиркорга қарашли (етказиб бериш хизмати орқали фаолият юритган, аммо шу куни ишламаган) ошхона олдидаги 2 туп ёнғоқ дарахтини ҳеч қандай рухсатномасиз кесаётган вақтида журналист Абу-Али Ниёзматов келган ва ўзининг уяли алоқа воситаси ёрдамида Facebook ижтимоий тармоғига жонли эфир тарзида видео тасвирга олган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Сўнгра хонадон эгаси З.А. журналистдан ким эканлиги, ўзини таништиришни ва нима сабабдан тасвирга олаётганини сўраган. Аммо ўзаро суҳбат давомида оғзаки жанжал келиб чиққан ва журналист уй эгасини ҳақоратлаган.

Кейинчалик З.А. мазкур МФЙ профилактика инспектори катта лейтенант Азиз Амировга телефон орқали мурожаат қилиб, воқеани баён қилган ва Ниязметовга нисбатан тегишли чора кўришни сўраган. Мазкур мурожаат туман ИИБ томонидан рўйхатдан ўтказилган ва терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан воқеа жойига етиб келган Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари томонидан, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун хонадон эгасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий чора кўрилган. Жазога кўра, 1 миллион 115 минг сўм миқдорда жарима ҳамда ўсимлик дунёсига зарар етказганлиги учун 26 миллион 760 минг сўм устама тўлов белгиланган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қибрай туман ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, катта лейтенант Азиз Амировнинг сўзларига кўра, дастлабки суруштирувлар давомида ушбу ҳолатда хабарда келтирилгани каби фуқаролар Ниязматовни хонадонда ушлаб турмаган ёки унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ёки жароҳат етказилмаган. Аксинча, унинг ўзи аёлни ҳақорат қилгани ҳамда ички ишлар ва экология ходимлари келгунига қадар шу ерда бўлиши айтиб, уйдан чиқмаганлиги аниқланган. Шунингдек, воқеада иштирок этган гувоҳлар ҳам ўз тушунтириш хатларида ушбу жараён юқорида қайд этилгани каби бўлганини ёзма равишда баён қилган.

«Ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш юзасидан маъмурий бинога таклиф қилинган воқеа иштирокчилари, хусусан, фуқаро (журналист) А.Ниёзматовга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатиш ёки бошқа ҳолат бўлмаган. У менинг (профилактика инспектори) таклифимга асосан ҳудудий бўлимга борган. Буни бир нечта гувоҳлар тасдиқлайди»,дейилади хабарда.

Аввалроқ «Tez News»га берган интервьюсида таъкидлашича, Ниёзматов мазкур ҳолатда дарахтларни кесаётганларни видеога олаётганда атрофига эркаклар тўпланиб, уни қўлини қайириб, кафега олиб кириб кетишганини таъкидлаган.

Сўнгра кафеда журналист фуқаролар қўлини қайириб, қорнига урганини ва телефонини олиб қўйишганини айтган.

Янгиликлар