Экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо кучайтирилади

Олий Мажлис Сенатининг мажлисида экологик ҳуқуқбузарликка нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши қонун билан белгиланди. Бу ҳақида Экология вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан киритилган таклифларга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Қонунда амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Жумладан, Жиноят кодексида ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирилмоқда.

Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима белгиланмоқда ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилмоқда.

Шу билан бирга, Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланмоқда.

Қолаверса, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар нормалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, ушбу қонунлардаги ов қуроли, шу жумладан, балиқ овлаш қуроли билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда.

Қарорлар