Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчаларнинг нотўғри рекламаси бўйича огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар бўйича ноқонуний реклама бераётганларни огоҳлантирди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ҳамда Телеграмъда ташкил этилган гуруҳ ва каналлар орқали овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар, сувларнинг тиббиётда даволаш қийин бўлган касалликларни даволаш ва олдини олишда (профилактикада) энг мақбул ва самарали восита кўринишида тарғибот қилиш кучаймоқда.

Қўмита хабарида қайд этилишича, бунда ушбу маҳсулотларнинг рекламаси «минг бир хасталикка даво» сифатида, «мўъжизакор» таъсири ҳақида истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ, бўрттирувчи иборалар асосида жойлаштирилиши, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари томонидан мазкур маҳсулотларни тавсия қилиниши, даволашда фойдаланганликлари, таъсир доираси ва терапевтик самарадорлиги ҳақида фикрлар билдирилиши истеъмолчиларнинг режали (анъанавий) даволашдан воз кечиб, ўз-ўзини даволаш усулларини кенг қўлланилишига, ҳаттоки фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, реклама лавҳаларида фуқароларнинг диний туйғуларидан фойдаланган ҳолда далил сифатида диний блогерларнинг суратлари, улар иштирокидаги видео ва аудио лавҳалардан фойдаланилиб (муайян бир савдо белгиси аниқ гапирмаган бўлсада), даволаш учун тавсиялар ва кўрсатмалар бериш орқали истеъмолчиларда маҳсулотларга нисбатан бўлган ишончни сунъий равишда оширилишига ва пировардида нотўғри хулоса чиқарилишига олиб келмоқда.

Маълум қилинишича, қўмитага рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган, бироқ уларни истеъмоли натижасида соғлиғи янада ёмонлашгани тўғрисида фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг ўтган даврида БФҚлар бўйича мингтага яқин мурожаат кўриб чиқилиб, истеъмолчиларга 118 миллион сўм моддий зарар қопланиши таъминланган.

Қарорлар