Сирдарёда 5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди
Сирдарё вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорлик субъекти аниқланди. Бу ҳақида «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ташкилотнинг вилоят ҳудудий бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда Янгиер шаҳрида жойлашган «Й-З.Э.» МЧЖга қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш биноси кўздан кечирилган.
Аниқланишича, корхона ҳисоблагичсиз тўғридан-тўғри тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланган.
Оқибатда газ таъминоти корхонасига 5 миллиард 25 миллион сўмлик зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.