Фотогалерея: Дональд Трампнинг президентлик фаолиятидаги ёрқин лаҳзалар

«РБК» АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг мамлакат раҳбари сифатидаги фаолияти давомидаги энг эсда қоларли суратларини тақдим этди.

Фото: «SM News»

Таъкидланишича, фотогалереядан мудофаа харажатларининг кўпайиши, импичмент, Мексика чегара девори ва тарихий ташрифлар — Дональд Трампнинг президентлик фаолияти қандай эсда қолгани акс этган.

Фото: «AP Photo»

2017 йил 20 январь. АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг президент бўлгани эълон қилинган. Мазкур тадбирдан сўнг мамлакатнинг биринчи хоними Мелания Трамп дизайнер Эрве Пьер (Carolina Herrera брендининг собиқ ижодий директори) билан биргаликда яратган оқ либосини кийган. Кейинчалик ушбу кўйлак Америка тарихи миллий музейига совға қилинган.

Фото: «Reuters»

Дональд Трампнинг президенликка сайланишидан олдин берган ваъдаларидан бири бу Мексика билан чегарада девор қуриш бўлган. Ушбу лойиҳани молиялаштириш бўйича келиб чиққан келишмовчиликлар АҚШ ҳукуматининг энг узоқ муддат давом этган 35 кунлик ёпилишига олиб келган. Деворларни қуриш лойиҳасига 12 миллиарддан 70 миллиард долларгача маблағ сарфланиши таҳмин қилинганди.

Фото: «AP Photo»

2017 йил 16 июнь. Дональд Трамп Кубага нисбатан сиёсатни ўзгартирган ва Барак Обама даврида эришилган келишувларнинг бир қисмини бекор қилган. Хусусан, у АҚШга қочиб келган кубаликларга бир йил ичида яшашга рухсат олиш учун ариза беришга имкон берадиган «wet feet, dry feet» сиёсатини бекор қилган. Шунингдек, америкаликларнинг Кубага боришига чекловлар қўйган ва Куба ҳарбийлари билан бизнес ҳамкорликни тақиқлаган. Унинг таъкидлашича, Куба жуда кўп имтиёзларга эга, аммо «энди у кунлар ўтиб кетди».

Фото: «AP Photo»

2018 йил 19 сентябрь. Дональд Трамп Шимолий ва Жанубий Каролина штатларида содир бўлган «Флоренс» тўфонидан талафот кўрган ҳудудларга ташриф буюрган. 43 киши ҳалок бўлган ушбу бўрон келтириб чиқарган зарар миқдори 22 миллиард доллардан ошган.

Фото: «Reuters»

2017 йил май ойи. Дональд Трамп Қуддусдаги Муқаддас қабристон черкови ва Ғарбий деворга ташриф буюрган АҚШнинг амалдаги биринчи президенти бўлган. Худди шу йили у шаҳарни Исроилнинг пойтахти деб тан олган ва Америка элчихонасининг Тель-Авивдан кўчирилишини эълон қилган. Мазкур қарор қабул қилинишига Фаластиндаги норозиликлар сабаб бўлгани таъкидланган.

Фото: «Reuters»

2017 йил 6 ноябрь. Дональд Трамп АҚШ президенти сифатида Японияга уйиштирган ташрифи давомида мамлакат бош вазири Синдзо Абэ билан учрашган.

Фото: «AP Photo»

2018 йил 24 август. Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания Трамп Огайо штати Колумбус шаҳридаги Миллий болалар касалхонасига ташриф буюрган. Соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар ушбу ташриф давомида олинган фотосуратлардан бирини ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Интернет фойдаланувчилари фотосуратда Оқ уй раҳбари давлат байроғини бўяшда хатога йўл қўйганини пайқаб қолган: у горизонталь чизиқлардан бирини оқ рангга ёки қизил рангга бўяш ўрнига кўк рангга бўяган.

Фото: «Reuters»

2018 йил апрель ойи. Франция президенти Эммануэл Макрон (ўнгда) АҚШга расмий ташрифи давомида Дональд Трампга Иккинчи жаҳон уруши пайтида АҚШ ҳарбийлари жойлашган Франциянинг шимолидан эман кўчатини совға қилган. Бунга жавобан АҚШнинг президенти ва биринчи хоними Эммануэл Макронга Оқ уйнинг Мовий хонасидаги стулнинг қопламасини, ташрифи давомида олинган фотосуратлар альбомини ҳамда ўз имзоси туширилган «Tiffany & Co» компаниясининг кумуш идишини туҳфа қилган.

Фото: «Getty Images»

2018 йил июль ойи. Дональд Трамп НАТО аъзолари ўртасида мудофаа харажатларини адолатсиз тақсимланишидан норозилигини бир неча бор таъкидлаган. Брюсселда бўлиб ўтган саммитдан сўнг АҚШ раҳбари коммюникега имзо чеккан ва ҳамкорлар билан мудофаа харажатларини кўпайтириш бўйича келишувга эришган.

Фотосуратда: биринчи қатор (чапдан ўнгга) — Бельгия бош вазири Шарль Мишель, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ президенти Дональд Трамп, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй; иккинчи қатор (чапдан ўнгга) — Германия канцлери Ангела Меркель, Греция бош вазири Алексис Ципрас, Венгрия бош вазири Виктор Орбан; учинчи қатор (чапдан ўнгга) — Норвегия бош вазири Эрна Солберг, Полша президенти Анжей Дуда, Португалия бош вазири Антониу Кошта, Руминия президенти Клаус Йоханнис.

Фото: «Reuters»

2018 йил 13 август. 2018 йил 14 августда Дональд Трамп 2019 йил АҚШ мудофааси учун ажратиладиган бюджетни имзолаган. Мудофаа учун белгиланган бюджет 716 миллиард долларни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўша пайтда АҚШ тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлган. Трамп президентлиги даврида мудофаа бюджети фақат ўсган. Лекин Ялпи ички маҳсулот(ЯИМ)га нисбатан мудофаа харажатлари камайган.

Фотосуратда: Америка Қўшма Штатлари президентининг Нью-Йорк шаҳридаги «Форт Драм» ҳарбий базасига ташрифи.

Фото: «Reuters»

2019 йил 30 июнь. Дональд Трамп КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан Шимолий ва Жанубий Корея чегарасидаги демилитаризация зонасида учрашган. Трамп рамзий маънода чегарани кесиб ўтган ва КХДРга ташриф буюрган АҚШнинг биринчи амалдаги президентига айланган.

Фото: «Reuters»

2017 йил 15 сентябрь. АҚШнинг 45-президенти 11 ёшли Франк Жаччиони кутиб олган. Болакай Трампга Оқ уй яқинидаги майсазорни ўришни таклиф қилиб хат ёзган. Ушбу мактубдан сўнг 11 ёшли болакай Миллий боғнинг хизматчилари билан бирга атиргул боғида бир кун ишлашга таклиф қилинган.

Фото: «AP Photo»

2019 йил 3 июнь. Америка раҳбарининг Буюк Британияга иккинчи ташрифи давомида Лондоннинг марказида норозилик намойишлари бўлиб ўтган ва Буюк Британия элчиси Ким Даррокнинг АҚШга ёзишмалари матбуотда тарқалиб кетган. Элчи ёзишмаларда Трампни «қўпол» ва «юзаки» деб атаган. Сўнгра Оқ уй раҳбари Даррок билан ишламаслигини эълон қилган. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги махфий маълумотларни ошкор қилганликда айбдорларни жазолашга ваъда берган ва элчи истеъфога чиққан.

Фотосуратда: Оқ уй раҳбари ва Буюк Британия қироличаси Елизавета II Лондонда Букингем саройида давлат зиёфати олдидан меҳмонлар билан.

Фото: «AP Photo»

2020 йил 4 июль. Дональд Трамп АҚШнинг Мустақиллик кунида мамлакатга асос солган тўртлик — Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон, Теодор Рузвельт ва Авраам Линкольн хотирасига ўрнатилган ёдгорлик ёнида, Рушмор тоғидаги мушакбозликда қатнашган.

Фото: «Reuters»

Дональд Трамп Президентнинг 2020 йил 4 февралдаги йиллик Конгресс нутқи олдидан Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосига қўл беришни рад этган. Нутқдан сўнг Пелоси Трампнинг нутқи матнини йиртиб ташлаган ва журналистларга «бу мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, қилиш мумкин бўлган энг одобли иш» эканини таъкидлаган. 2019 йилнинг сентябрь ойида Пелоси Украинага ҳарбий ёрдам музлатиб қўйилганлиги сабабли Трампнинг импичмент жараёни бошланганини эълон қилган. Аммо АҚШ тарихидаги амалдаги президентни ҳокимиятдан четлатишга қаратилган учинчи уриниш муваффақиятсиз якунланган.

Фотосуратда: Нэнси Пелоси, Дональд Трамп ва вице-президент Майк Пенс.

Фото: «Getty Images»

2019 йил 26 ноябрь. Дональд Трамп «Thanksgiving Day» (Шукроналик куни) байрами олдидан куркаларни анъанавий равишда озод қилиш жараёнида иштирок этган. Бу сафар у «Bread» (инглизча нон) ва «Butter» (инглизча «ёғ») деб номланган иккита куркани озод қилган. Маълумот учун, ушбу анъана 1947 йилда Туркия миллий федерацияси ва селекционерлар миллий кенгашида биринчи марта АҚШ президенти Гарри Труманга курка берилгандан бошланган.

Фото: «Reuters»

Дональд Трамп Теннесси штатида 2020 йил 6 март куни бўлиб ўтган торнадо зарарини ўрганиш ишларида иштирок этган. Ушбу штатда табиий офат оқибатида 50 дан зиёд уй вайрон бўлган, салкам 25 киши ҳалок бўлган ва 150 га яқин аҳоли касалхонага ётқизилган.

Фото: «Reuters»

2020 йил 16 февраль. Дональд Трамп ва Мелания Трамп Флорида штатининг Дейтона Бич шаҳрида бўлиб ўтган «NASCAR Daytona 500» пойгаларини очиб берган. Эр-хотин «The Beast» лимузинида автомагистраль бўйлаб ҳаракатланган.

Фото: «Getty Images»

Дональд Трамп Оқ уйнинг Жанубий майсазорида машҳур питчер Мариано Ривера улоқтирган бейсбол тўпини тутган. 2020 йил 23 июль куни президент бейсбол бўйича Олий Лига чемпионати бошланишини нишонлаш учун спортчилар билан учрашган.

Фото: «Reuters»

2020 йил 30 май. АҚШ президенти Дональд Трамп (ўнгда) ва АҚШ вице-президенти Майк Пенс Флорида штатининг Канаверал бурнидан «SpaceX Falcon 9» ракетаси ва «Crew Dragon» космик кемасининг учишини томоша қилган. Трамп «SpaseX» раҳбари Илон Маскни илк хусусий парвознинг муваффақиятли амалга оширилгани билан табриклаган.

Фото: «AP Photo»

2020 йил 29 февраль. Дональд Трампнинг Америка консерватив иттифоқи конференциясидаги иштироки.

Маълумот ўрнида, ҳозирда АҚШда бўлиб ўтаётган президентлик сайловида мамлакатнинг йирик нашрлари Жо Байденнинг ғалабасини таҳмин қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Байден ушбу сайловдаги ўз ғалабасини эълон қилганди.

Аввалроқ Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзархив»да сақланаётган суратлари оммага тақдим этилгани маълум қилинганди.