Ўзбекистонда хорижий дипломларни нострификация қилиб бериш эвазига 6500 доллар олаётган ходим ушланди

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни бўлиб ўтган коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси Ш.М. 4 нафар фуқародан хорижий дипломни нострификация қилиб бериш эвазига жами 6500 доллар олганда ушлангани маълум қилинган. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Тez News» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, oлий таълим тизимида 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 70 нафар ходим таълимга оид жиноятларни содир қилган. Тизимда энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ.

Йиғилишда таълим сифатини назорат қилиш идорасига хорижий дипломни нострификация қилиш, яъни бошқарув функциясининг берилиши коррупциянинг олдини олиш имконини чеклаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг айрим соҳаларида ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётганлиги ҳам маълум қилинган.

Шунингдек, барча соҳаларда қонун ижросини бевосита таъминлашга масъул бошқарув идоралари, ижро устидан назоратга масъул 50 дан ортиқ текширув органлари мавжуд, бироқ бу органларнинг қонунийликка таъсири сезилмаётгани танқид остига олинди. Ўтган икки йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 318 нафар ходими жиноий қилмишлари учун жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.

Аввалроқ Тошкентда божхона пости бошлиғининг уйидан пора сифатида олинган 311 минг доллар пул топилгани ҳамда Янгиободдаги бозор директорининг ўзлаштирган пулларига 5 хонали квартира ва «Тrailblazer» сотиб олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар