Бош прокурор: «Қаерда мансабдорга ҳуқуқ берилса, ўша ерда коррупция кузатилади»

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни бўлиб ўтган коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилиш якунида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Матбуот анжуманида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ва бошқа мутасаддилар ўтказилган тадбир натижалари бўйича ахборот берди.

Фото: «Tez News»

Тадбирда коррупцияни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларга эътибор қаратилди.

«Авваламбор, бир нарсани тушуниш керак. Коррупция қачон қаерда кузатилади? Қачонки ресурс бўлса, маблағ бўлса ва ўша жойда қайсидир мансабдорга ҳуқуқ берилган бўлса, ўша ерда кузатилади. Демак, биз айнан шу соҳаларда, шу жойларда шу ҳуқуқларга баҳо берган ҳолда ишимизни тўғри ташкил қилишимиз керак.

Ҳеч қачон хусусий мулк маблағ талон-торож қилинмайди. Коррупцияга ҳам учрамайди. Фақат халқимизнинг пешана тери билан яратилган бюджет маблағлари талон-торож қилинади», — дейди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Фото: «Tez News»

Аввалроқ Бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилган.