Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи 30 сотих ерни сохта ҳужжатлар билан сотиб юборгани аниқланди

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни бўлиб ўтган коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи 30 сотих ерни сохта ҳужжатлар билан сотиб юборгани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳанузгача турли қонун бузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётганлиги танқид остига олинди.

Маълум қилинишича, ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходими турли кўринишдаги жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Фото: «Tez News»

Хусусан, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. «Валиев Инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38 400 долларга сотиб юборган.

Маълумотларга кўра, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34 822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган. Таъкидланишича, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш-билишчилик, ҳолатлари кузатилмоқда.

Аввалроқ ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилган.

Янгиликлар