Самарқанддаги масжидга ўғри тушиб, эҳсон қутисини тунамоқчи бўлди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида жойлашган «Сўфи Оллоёр» масжидига 8 декабрь куни ўғри тушди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.

Фото: «Kun.uz»

Хабарга кўра, ҳозирча ўғриликни бир киши содир этганми ёки кўпчиликми аниқ эмас. Чунки ўғри масжидга ўрнатилган кузатув камераси қайдлари сақланадиган флешкани ҳам олиб кетган.

Маълум бўлишича, ўғри масжиддан бир нечта гилам олиб кетган. Шунингдек, масжиддаги эҳсон қутиси ҳам бузилган, лекин қути бўш бўлган. Қайд этилишича, ўғри масжиднинг ичкарисига деразани синдириб кирган. Ўғрининг кимлиги маълум эмас ва ҳамон қидирилмоқда.

Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.