Ромитанда масжиддаги 3 та эҳсон қутисидан пул ўмарган самарқандлик эркак ушланди

Бухоро вилояти Ромитан туманида масжиддаги учта эҳсон қутисини ўмарган самарқандлик эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа 28 cентябрь кунидан 29 сентябрь кунига ўтар кечаси, тумандаги «Aзизон» МФЙ Сарбистон қишлоғида жойлашган «Хўжа Aли Ромитаний» масжидида содир бўлган.

Хабарда айтилишича, масжидга номаълум шахс ғайриқонуний равишда кириб, 3 дона эҳсон қутисини бузиб очган. Пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тегов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тезкор-суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Самарқанд вилояти, Паяриқ туманида яшовчи, 41 ёшли О.A. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Ҳозирги кунда гумонланувчи О.A. га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар